БАА терма жамоаси футболчиси Абдулла Қосим уч ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бунга футболчи БАА терма жамоаси бош мураббийи Маҳди Алини танқид қилгани сабаб бўлган.

Абдулла Қосим БАА терма жамоасининг навбатдаги йиғинига чақирилмагани ҳақида эшитгач, мураббийни ҳақорат қилган. Унинг сўзлари видеотасвирга туширилган. Натижада БАА суди томонидан Абдулла Қосим ва уни тасвирга олган одам техник воситалардан бошқаларни ҳақорат қилишда фойдаланиш ва ушбу тасвирни интернетга жойлаш орқали одобга зид ҳаракат қилишда айбланган.

Абдулла Қосим ва унинг шериги шунингдек ўз клублари машғулотидан ҳам четлатилган. Футболчининг адвокати томонидан айтилишича, видео Қосимнинг рухсатисиз интернетга жойланган.

БАА терма жамоаси бош мураббийи Маҳди Али эса унга қарши ҳеч қандай даъво билдирмаганди.