Саудия Арабистони нефть арзонлашгани туфайли инфратузилмавий лойиҳалар бўйича тўловларни кечиктирмоқда, мамлакат 2009 йилдан бери биринчи марта бюджет тақчиллигига қараб кетмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги вазиятдан хабардор бўлган манбаларга иқтибос келтирган ҳолда маълум қилмоқда.

Манбаларнинг маълумотларига кўра, қиролликда йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошираётган компаниялар ярим йилдан бери мамлакатдан тўлов траншларини олмаган ва боз устига, саудияликлар тўловлар миқдорини камайтириш мақсадида шартнома бўйича нархларни камайтириш йўлларини қидирмоқдалар.

Мамлакатнинг 80 фоиз даромадини ташкил қилувчи нефть арзонлашиши қироллик ҳукуматини давлат харажатларини кесишга ва валюта захираларидан фойдаланишни бошлаш ҳамда қарз олишга мажбур қилди. Саудия Арабистони 2015 йилнинг ўзидаёқ кредитлар бозорида 15 млрд долларга яқин маблағ жалб қилишга улгурган.

Агентликнинг таъкидлашича, тўловларнинг ушланиши мамлакат пойтахти Ар-Риёдда 22 млрд долларлик метро қуриш лойиҳасига таъсир қилиши мумкин.