Дунёнинг йирик авиакомпаниялари Россияга рейслар сонини камайтирмоқда. Гап хусусан Германиянинг Lufthansa, Буюк Британиянинг British Airways ва Скандинавиянинг SAS авиакомпаниялари ҳақида кетмоқда, деб хабар бермоқда авиакомпаниялар режалари билан танишиб чиққан Bloomberg ахборот агентлиги.

Парвозларнинг қишки жадвалига ўтилиши билан (яъни бир ҳафтадан кейин) Lufthansa Россияга 15 та рейсдан воз кечмоқда, бу авиакомпаниянинг Россияга умумий рейсларининг 25 фоизга яқинини ташкил қилади. Хусусан, компаниянинг Австриядаги бўлими Санкт-Петербург ва Ростов-Донга парвозлардан воз кечади ва эътиборини Москва ва Краснодарга қаратади. Шунингдек, компаниянинг Швейцариядаги бўлими Цюрихдан Санкт-Петербургга парвозларни тўхтатади. Умумий ҳисобда компания Россияга рейслари сонини ҳафтасига 63 тагача камайтиради.

SAS авиакомпанияси 2016 йилнинг март ойидан Копенгаген ва Москва ўртасидаги авиаалоқани тўхтатмоқчи. British Airways эса Лондон-Москва йўналишига Boeing 747 ва Boeing 777 самолётлари ўрнига кичикроқ A321 самолётларини қўймоқчи.

Агентликнинг таъкидлашича, йирик авиакомпаниялар ўрнини лоукостерлар (арзон нархлардаги парвозларни амалга оширувчи авиакомпаниялар), хусусан Испаниянинг Vueling ва Чехиянинг Czech Airlines авиакомпаниялари эгаллайди.

Аввалроқ Czech Airlines Россияга рейслар сонини ошираётгани маълум қилинганди.