Колумбия пойтахти Богота шаҳрида нонвойхона ва аҳоли турадиган туманга кичик самолёт қулаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, деб ёзмоқда La Prensa нашри.

Икки моторли Beechcraft 60 самолёти қулаши ва унинг ортидан чиққан ёнғин оқибатида учувчи ва 3 нафар йўловчи ҳамда ерда бир киши ҳалок бўлди. Яна бир аёл олинган куйиш жароҳатларидан шифохонада кўз юмди. Бундан ташқари, яна 15 киши жароҳат олган.

Колумбиянинг собиқ президенти Андрес Пастрана нохуш воқеани батафсил тергов қилишга чақирди. Пастрана ва собиқ мудофаа вазири ҳам намойишга ташриф буюриш учун бу самолётда учишлари керак бўлган, бироқ самолёт Эльдорадо аэропортидан ҳавога кўтарилгандан бироз ўтиб қулаб тушган. Бу воқеа Пастрана ва унинг ҳамроҳи аэропортга ҳаво транспорти кутаётган пайтда содир бўлган.

Андрес Пастрана Аранго 1998-2002 йиллар давомида Колумбия президенти бўлган ҳамда 2005-2006 йилларда Колумбиянинг АҚШдаги элчиси лавозимида ишлаган.