Virgin Media телекоммуникацион компанияси Британияниинг Чешам шаҳрида тротуар орасига ўрнатиладиган Wi-Fi’дан фойдаланиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу ҳақда компаниянинг блогида маълум қилинди.

Wi-Fi’дан бепул фойдаланиш имкониятига Чешамнинг 21 минг кишини ташкил қилувчи бутун аҳолиси эга бўлиши мумкин.

Қурилма юкламаларга бардошли бўлган “ақлли” плиткага ўрнатилиб, у тротуарга жойлаштирилади ва оптик-толали тармоққа уланади. Ҳозирда Wi-Fi’дан шаҳар марказидаги кўчалар ва бекатларда ҳамда шаҳар боғида фойдаланиш мумкин. Маълумотлар алмашиш тезлиги сониясига 166 Мб ни ташкил қилади. Тармоқ билан қамраб олиниш ҳар йили 60 фоизга ошиб боради, дейилмоқда компания блогида.