Deutsche Bank ходими бир ахборотни нотўғри киритганлиги учун молиявий ташкилот 6 млрд доллар зарар кўрди. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар бермоқда.

Айтилишича, ходим транзакция ўтказиш чоғида янглишиб, АҚШ хеж-фонди ҳисобига бегона пулларни ўтказиб юборган. Воқеа 2015 йил ёзида содир бўлган. Хатога йўл қўйган киши банк валюта операцияларининг кичик ходими лавозимида ишлар эди.

Бунинг натижасида банк Буюк Британия молиявий назорат бюросига, АҚШнинг тегишли идораларига мурожаат этган. Маблағ банк ҳисобига эртасигаёқ қайтарилган.
Бундай хатолар банк сленгида одатда “семиз бармоқлар” (Fat-finger) деб аталиб, ходимнинг компьютер орқали маълумот киритишда техник хатога йўл қўйиши оқибатида улкан ўзгаришлар содир бўлиши назарда тутилади.

Нашрда таъкидланишича, одатда бундай операцияни ўтказишда банкларда “тўрт кўз” принципига амал қилинади, яъни бир ходим маълумот киритади, иккинчи ходим эса унинг тўғрилигини текширади.