Бугун Uzreport TV телеканали Европа Чемпионлар лигасининг 3-туридан ўрин олган "Арсенал" - "Бавария" ўйинини жонли эфирда намойиш этади.

Учрашувни қизиқарли тарзда мухлислар эътиборига ҳавола қилишда шарҳловчининг ўрни катта эканини инобатга олган ҳолда, Uzreport TV Россиянинг “НТВ Плюс” телеканали шарҳловчиси Денис Казанскийни махсус таклиф қилди.

Денис Казанский – таниқли футбол шарҳловчиси, кўплаб спортга доир кўрсатувларнинг муаллифи ва бошловчиси ҳисобланади.

У журналистик фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Липецк шаҳрида бошлаган. "Хабарлар" дастурида спорт бўлими бошловчиси бўлиб ишлаган.

2005 йил "НТВ Плюс" телекомпанияси томонидан ўтказилган "Имкон" деб номланган бутун Россия шарҳловчилар кўрик танловида иштирок этиб, ғолиб чиққан. Ўшандан буён "НТВ Плюс" телеканалида фаолият юритади."Футбол клуби", "Эркин Зарба" деб номланган бир қатор телекўрсатувларда бошловчилик қилиб келмоқда.

Денис футболдан ташқари, хоккей, қиличбозлик ва Формула-1 спорт турлари билан ҳам қизиқади. Ёшлигида хоккей мактабида таълим олган бўлиб, ушбу спорт тури билан жиддий равишда шуғулланган. Айни пайтда футбол ўйинларидан ташқари, хоккей учрашувларини ҳам шарҳлаб боради.

Денис Казанский бугун бўлиб ўтадиган “Арсенал” – “Бавария” ўйинини Жасурбек Ғайбуллаев билан биргаликда шарҳлаб боради.