“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар ва унинг ривожланиш тенденциялари, жамиятимизда тинчлик, барқарорлик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган омилларга бағишланган ижтимоий сўров ўтказди.

1999 йилдан 2015 йилга қадар ўтказилган шундай ижтимоий сўровлар натижалари Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва барқарорлик, жамиятимизда қарор топган миллатлараро тотувлик мустақиллигимизнинг энг муҳим ютуқларидан бири эканидан далолат беради. Хусусан, 1999 йилда ўтказилган сўровда иштирокчиларнинг 97,1, 2013 йилдаги сўров қатнашчиларининг 98,6 ва жорий йилда ташкил қилинган сўровда иштирок этганларнинг 99,6 фоизи шундай фикр билдирган. Уларнинг таъкидлашича, Президентимиз томонидан узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсат, давлатнинг ўз фуқароларига ғамхўрлик кўрсатаётгани, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги барқарорлик, этник ва диний бағрикенглик миллатлар ҳамда фуқаролар тотувлигининг муҳим омилларидир.

“Ўзбекистон фуқароси эканингиздан қалбингизда қандай туйғулар кечади?” деган саволга сўралганларнинг аксарияти «Фахрланиш», деб жавоб берган. Бу кўрсаткичнинг йилдан йилга ўсиб бораётгани диққатга сазовордир. Масалан, 2013 йилда сўров қатнашчиларининг 68,5 фоизи, 2010 йилда 76,8, 2015 йилда эса 89,5 фоизи шундай фикр билдирган.

Тадқиқот иштирокчилари (98,5 фоизи) фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилаётганини юқори баҳолайди. Шуниси эътиборлики, барча ёш гуруҳлари вакиллари Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланади ва ушбу кўрсаткич ўтказилган кўплаб сўровлар давомида ўзгармасдан келмоқда.

Ижтимоий тадқиқот давомида мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар барқарорлигини таъминлашда Республика Байналмилал маданият маркази ва миллий маданият марказлари муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди. «Ижтимоий фикр» маркази томонидан аҳоли ўртасида кўп йиллардан буён ўтказиб келинаётган сўровлар миллатлараро тотувликнинг барқарорлиги миллатлараро муносабатларнинг муҳим жиҳати эканини тасдиқлаш имконини беради. Мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари шу фикрни қўллаб-қувватлайди. 2003 йилда сўров қатнашчиларининг 80,1 фоизи, 2008 йилда 83,7, 2015 йилда эса 94,8 фоизи Ўзбекистонда миллатлараро муносабат «жуда яхши» ва «яхши» деб баҳолаган.

Сўров натижалари шундан далолат берадики, мамлакатимиз фуқаролари келажакда миллатлараро муносабатлар бундан ҳам мустаҳкамланишига ишонади. Иштирокчилар мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарор, жамиятимизда тинчлик ва фуқаролар тотувлиги ҳукм сураётганини ижобий, деб баҳоламоқда.

"Мухтасар айтганда, мазкур ижтимоий тадқиқот аҳолининг 24 йиллик мустақил тараққиётимиз давомида жамиятимизда қарор топган тинчлик, барқарорлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувликни юқори баҳолашидан далолат беради. Улар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган оқилона ва самарали миллий сиёсат бунинг асосий кафолати, деб билади", дейилади хабарда.