Франциялик футболчи Жибриль Сиссе 34 ёшидан футболчилик фаолиятини якунлагани ҳақида эълон қилди.

"Эндиликда мен юқори даражада футбол намойиш эта олмайман. Январь ойида жарроҳлик амалиёти столига ётишим керак.

Ўз танангни эшита олишинг керак. Ҳа, мен футболчиликни тарк этаяпман", дейди бу ҳақда футболчининг ўзи.

Маълумот учун, Сиссе «Осер», «Ливерпуль», «Марсель», «Панатинаикос» ва «Лацио» жамоаларида ўзининг юлдузлик онларини ўтказган. 2013 йилнинг июлидан декабригача у Россиянинг «Кубань» жамоаси аъзоси бўлган.

«Осер» таркибида Сиссе 2 марта Франция чемпионатининг энг яхши ҳужумчиси сифатида тан олинган, шунингдек 2 марта «Панатинаикос» сафида Греция чемпионатининг энг яхши ҳужумчисига айланганди.

2005 йилда у «Ливерпуль» билан ЕЧЛ кубогини боши узра кўтарган.

Жибриль Сиссе Франция терма жамоаси сафида 41 марта майдонга тушиб, 9та гол уришга муваффақ бўлган.