АҚШ президентлиги учун демократлар партиясидан номзод ҳисобланадиган америкалик собиқ сенатор Жим Уэбб, эндиликда мустақил номзод сифатида ҳаракат қилмоқчи.

Унинг сайловолди штабида эълон қилинишича, 20 октябрь куни Вашингтон Миллий нашр клубида “Жим Уэбб мустақил номзод сифатида президентлик сайловида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда” мавзусида матбуот анжумани ўтказилади.

Демократлар партияси қўмитаси бу борада изоҳ бермаган.

2007 йилдан 2012 йилгача Виржиния штатидан сенатор бўлган Жим Уэбб АҚШ президентлиги учун ўз номзодини кўрсатган бешинчи демократ ҳисобланади.

Бунгача собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Род-Айленднинг собиқ губернатори Линкольн Чэффи, Мэриленд штатининг собиқ губернатори Мартин О`Мелли ҳамда Вермонт штатидан бўлган мустақил сенатор, демократик қарашларга эга бўлган партиясиз Бернард Сандерс ўз номзодлари ҳақида эълон қилишганди.

Ҳозирда демократ номзодлар орасида рейтинг бўйича Жим Уэбб энг сўнгги ўринда бормоқда. Демократлардан кўрсатилган номзодлар орасида Ҳиллари Клинтон биринчи ўринда, собиқ сенатор Берни Сандерс кейинги ўринда бормоқда.

Республикачилар партиясидан эса шу вақтгача 9 нафар вакил президентлик учун курашиш истагини билдирган. Булар сенаторлар Тед Круз, Рэнд Пол, Марко Рубио, Арканзаснинг собиқ губернатори Майк Хакаби, нейрожарроҳ Бен Карсон, Пенсильваниядан собиқ сенатор Рик Санторум, Hewlett-Packard компаниясининг собиқ раҳбари Карли Фиорина, Флориданинг собиқ губернатори Жеб Буш, миллиардер Дональд Трамп ҳисобланади.