Малайзия Олий суди мамлакат қуролли кучлари капралини ИШИД террорчилик гуруҳи рамзини сақлагани учун 7 ойга қамоқ жазосига тортди. Мамлакат олий суди берган баёнотда қайд этилишича, судланувчи Муҳаммад Азизи Саид ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган.

Унинг мобиль телефонида ИШИД байроғи тасвири борлиги тасодифан аниқланди. 28 ёшли капралнинг тушунтиришича, “у ИШИД ғоявий таъсирига тушиб қолган”. Ҳарбий 8 йилдан бери қуролли кучлар сафида хизмат қилиб келган.

Жорий йилнинг августида Малайзия мудофаа вазири Ҳишамуддин Ҳусайн ИШИДга алоқадорликда гумон қилинган 11 ҳарбийнинг ҳибсга олинганини маълум қилганди. Унинг айтишича, “бу борада армиядаги вазият фожиали эмас, бироқ зудлик билан чоралар кўриш лозим”.