19 октябрь куни Канада парламентига сайловлар бўлиб ўтди ва унинг натижасида ҳукумат раҳбари ўзгарди.

Ушбу сайловда деярли 10 йилдан бери (2006 йилнинг февралидан бери) мамлакатни бошқарган 56 ёшли сиёсатчи Стивен Харпер ҳукумат раҳбари лавозими учун тўртинчи муддатга кураш олиб борди ва енгилди.

Унинг бошчилигидаги Консервативлар партияси Жастин Трюдо бошчилигидаги либераллардан ортда қолди.

Натижаларга кўра, либераллар мамлакат шарқидаги Атлантик регионда 32 округдан 30тасида яққол устунлик қилишган.

Либералларнинг 43 ёшли етакчиси Жастин Трюдо Канаданинг собиқ бош вазирларидан бири Пьер Трюдонинг ўғли ҳисобланади. Унинг партияси ўрта синф вакиллари учун солиқларни камайтириш, бадавлат қатлам учун эса солиқларни ошириш сиёсатини қўллашга ваъда берган.

Қайд этиш керакки, Канададаги парламент сайловларида ҳукуматни шакллантириш учун сиёсий партияга парламентда кўп ўрин эгаллаши шарт ҳисобланмайди. Фақат сайловда рақибига нисбатан кўпроқ овоз йиғиши етарли бўлади.

Сайловдан олдин ўтказилган сўров натижаларига кўра, Либерал партия қарийб 37 фоиз овоз олиб етакчилик қилаётганди. Консерватив партияни эса 31 фоиз сайловчи қўллаб-қувватлаши маълум бўлган. Учинчи ўринда "Янги демократик партия" 24 фоиз овоз билан, кейинги ўринларда “яшиллар” ва Квебек блоги 5 фоиздан камроқ овоз йиққанди.

"Янги демократик партия" етакчиси Томас Малкер либераллар билан ҳамкорлик қилишини маълум қилди.