«Ўзбекфильм» киностудияси директори ўзгарди. Киностудия директори вазифасини вақтинча бажарувчи Замир Аринов ўрнига 15 октябрдан эътиборан Комилжон Шамсиддинов директор вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Комилжон Шамсиддинов шу вақтгача «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Илмий-оммабоп, ҳужжатли кино ва видеофильмлар сценарийларини тайёрлаш бўлими бошлиғи сифатида ишлаб келаётган эди.

Яна битта муҳим янгилик. «PROlogue» фестивали учун аризалар қабули якунига етди. Ҳаваскор ва профессионал ёш киноижодкорлардан 60 га яқин аризалар келиб тушди. Саралаш — 31 октябргача, фильмлар намойиши — 16-20 ноябрда, тақдирлаш — 21 ноябрда. Фестиваль доирасида яна бир маълумот — тадбир логотипи Лазизбек Ҳамидов томонидан ишлаб чиқилган. Биз ундан чексиз миннатдормиз!

23 октябрда премьера. Қизларни эрта турмушга бериш иллати ҳақидаги «Тубанлик», диний ақидапарастларнинг алдовига ишониб, уларнинг таъсирига тушиб қолиш ҳақидаги «Алданган аёл», «Одноклассники.ру», Ватанни, қайсидир маънода, сотиб кетиб, ҳозир мусофирчиликда минг бир азоб яшаётганлар ҳақидаги «Гумроҳлар» фильмларидан сўнг режиссёр Ҳилол Насимов ноқонуний миграция ҳақида «Ажал жодуси» номли бадиий фильм суратга олди.