Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида енгил атлетика бўйича ўтказилган мамлакат очиқ кубоги баҳсларида ўзбекистонлик Бобур Шокиржонов 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берган.

Найза улоқтириш секторида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Бобур 84 метру 24 см.лик натижа қайд этиб, белгиланган меъёрни (83 м.) ортиғи билан бажарди.

Шу тариқа, енгил атлетика спорт турида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма олган ўзбекистонлик спортчилар сони 5 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Ситора Ҳамидова (марафон), Светлана Радзивил (баландликка сакраш), Суҳроб Хўжаев (босқон улоқтириш) ва Марина Хмелевская (марафон) “Рио-2016” ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритишган эди.