БМТ бош котиби Пан Ги Мун Исроил ва Фаластин халқларига видеомурожаат йўллаб, уларни ихтилофни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди. Братиславага ташриф чоғида ёзилиб, ташкилотнинг расмий сайтига жойлаштирилган мурожаатда бош котиб ихтилоф “фаластинликларнинг ўз давлатига эга бўлиш, исроилликларнинг эса ўз хавфсизликларини таъминлаш борасидаги қонуний талаблари ва манфаатларига фақат зиён келтириши”ни таъкидлади.

“Мен оккупация қилинган Фаластин ҳудуди ва Исроилдаги, айниқса, Қуддусдаги вазиятнинг кескинлашиши муносабати билан Исроил ва Фаластин халқларига тўғридан-тўғри мурожаат қилмоқчиман. Мен барча каби ёш инсонлар бировни ўлдириш учун қўлига қурол олганини кўрсам, даҳшатга тушаман”, - дейилади мурожаатномада.