Канадани деярли 10 йилдан буён бош вазир сифатида бошқариб келган сиёсатчи Стивен Харпер 19 октябрь кунги парламент сайловларида мағлубиятга учрагач, ўз лавозимини тарк этди.

42-парламент сайловида унинг етакчилигидаги Консерваторлар партияси либералларга мағлуб бўлди.

"Кейинги 9 йилдан ортиқ вақт давомида мен Канада бош вазири сифатида ишлаганимдан ғурурланаман. Бу жуда ажойиб давр бўлди", деди у Альберта вилоятидаги Калгари шаҳридаги сайловчилар қаршисида.

"Сайловнинг дастлабки натижаларидан кўриниб турибдики, бизнинг мўлжалимиздаги натижалар қайд этилмади. Халқ танловда адашмайди. Биз либераллар етакчиси Жастин Трюдо ва унинг жамоасини ғалаба билан қутлаймиз ҳамда уларга омадлар тилаймиз", дея қўшимча қилган сиёсатчи.

У шунингдек, Консерваторлар партияси раҳбарлигидан ҳам кетишини маълум қилди.

Харпер бу партияни 2004 йилнинг 20 март кунидан буён бошқариб келаётганди. Унинг раҳбарлигида консерваторлар 2006, 2008 ва 2011 йиллардаги сайловларда ғалаба қилишганди.

Харпер Канаданинг 22-бош базири ҳисобланарди.

Партиянинг навбатдаги етакчиси парламент сайловларининг охирги натижалари эълон қилинганидан сўнг ички сайлов орқали сайланади.

Мамлакат аҳолиси душанба куни Умумпалатанинг 338 ўрнига номзодларни танлади.

Овоз бюллетенларининг 83 фоизи ҳисоб-китоб қилинган ҳолатда либераллар 338та сайлов округидан 187тасида етакчилик қилишмоқда (39,9 фоиз). Иккинчи ўриндаги консервативларга 101та округда ишонч билдиришган (32,1 фоиз). Учинчи ўринда "Янги демократлар партияси" (39та округ ва 19,1 фоиз овоз) жойлашган. Тўртинчи ўринда Квебек блоги (10та округ, 4,9 фоиз), бешинчида "яшиллар" (1та округ, 4 фоиз).

Либералларнинг 43 ёшли етакчиси Жастин Трюдо Канаданинг собиқ бош вазирларидан бири Пьер Трюдонинг ўғли ҳисобланади. Унинг партияси ўрта синф вакиллари учун солиқларни камайтириш, бадавлат қатлам учун эса солиқларни ошириш сиёсатини қўллашга ваъда берган.

Қайд этиш керакки, Канададаги парламент сайловларида ҳукуматни шакллантириш учун сиёсий партияга парламентда кўп ўрин эгаллаши шарт ҳисобланмайди. Фақат сайловда рақибига нисбатан кўпроқ овоз йиғиши етарли бўлади.

"Янги демократик партия" етакчиси Томас Малкер либераллар билан ҳамкорлик қилишини маълум қилди.