2011 йил мартидан буён давом этаётган ихтилоф оқибатида 4 млн суриялик қочқинга айланди, 7.6 млн киши уйларини тарк этди. Интернет сайтларида чоп этиб борилаётган репортажларда бу инсонлар қандай аҳволда яшаётгани, қаерда жон сақлаётгани кўрсатиб берилмоқда.

Кўплаб сурияликлар уйсиз қолди. Айримларнинг турар жойлари вайрон этилган бўлса, яна баъзиларининг хонадонлари бировларнинг қўлига ўтиб кетди ёки душман ихтиёридаги ҳудудларда қолиб кетди.

Замонавий Суриянинг энг тинч вилояти ҳисобланган Латақияда Раққа, Идлиб, Ҳалаб ва Дайр ал-Заврдан қочиб келган 1.5 млн киши яшамоқда.

Бу ердаги турли объектлар узоқ йиллардан буён қочқинлар учун макон бўлиб келмоқда. Жумладан, стадионларда минглаб одамлар кун кўриб келмоқда.

Кўпдан бери ўйинлар ўтказилмаган бир стадион ичига ўрнатилган чодирларда 7 минг киши яшаб келмоқда. Уларнинг аксарияти 12 ёшга тўлмаган болалардир.

Латақия ҳокими Иброҳим Салим ҳукумат бу инсонларга имкон қадар ғамхўрлик қилаётганини, уларни уй-жой ва иш билан таъминлашга уринаётганини таъкидлади. Шунингдек, болалар маҳаллий мактабларда ўқимоқда, деб ишонтирди ҳоким.