Суриянинг Россиядаги элчиси Риёд Ҳаддод Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни суриялик муҳожирлар билан боғлиқ вазиятга билдираётган муносабати учун танқид қилди ва уни “телба” деб атади. Бу ҳақда Ҳаддод “Газета.Ru” ахборот порталига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Европада суриялик муҳожирлар муаммосини шахсан Эрдўғаннинг ўзи яратди, чунки Европага қочиб кетганларни асосан аввал Туркиядаги қочқинлар лагерларида яшаганлар ташкил қилади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Эрдўғанга қочқинлар учун Сурияда буфер ҳудуд яратиш учун рухсат бермагандан кейин у чегараларни очиб юборди ва қочқинлар ёки қонуний йўл, ёки мафиоз гуруҳлар ёрдамида Европага йўл олдилар. Эрдўған бу вазиятдан ЕИга босим ўтказиш учун фойдаланди”, деб айтди Ҳаддод.

“Эрдўған катта сиёсий хатоларга йўл қўймоқда. У минтақадаги барча давлатлар душманига айланди, Усмон империясини қайта тиклаш борасида амбицияларга эга. Мен умуман уни телба ва ўзини мисли султондек ҳис қилмоқда, деб ҳисоблайман. Муаммонинг асоратларини эмас, илдизини даволаш керак. Қочқинлар Сурия армиясидан қочгани йўқ, улар қўрқув солаётган ва тинч фуқароларни ўлдираётганлардан қочдилар”, деб қўшимча қилди Ҳаддод.

Ҳаддод Сурия бошқа давлатларга қочқинларни қабул қилиш илтимоси билан мурожаат қилмаётгани, чунки барча қочқинлар уйларига қайтишни истаётганини таъкидлаб ўтди.