Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари яқинда фуқароларни ёллаб, Сурияга олиб кетишга ҳаракат қилган 2 қирғизистонликни қўлга олди. Уларнинг “мижозлари” бўлмиш 8 нафар Тожикистон фуқароси ҳам ҳисбда тутиб турилибди.
Маълум қилинишича, 25 сентябрдан 26 сентябрга ўтар кечаси чегарада Қирғизистон фуқаролари Жаҳонгир Қурмушев ва Қанибек Нимановлар қўлга олинган. Улар тожикистонлик 4 аёл ва 4 болани Қирғизистонга олиб ўтишга ҳаракат қилишган. Режага кўра, шундан сўнг аёллар болалари билан Бишкек аэропортидан Туркияга учиб кетиши, у ердан эса, ўз навбатида, Сурияга ўтиши ва ИШИДга қўшилиши лозим эди.
Тожикистонликларнинг ярми Хатлон вилоятида истиқомат қилувчи Шербековлар оиласи, ярми эса сўғдлик Мўминовлар оиласидир. Болалар 1-4 ёшда.
Қурмушев ва Ниманов 5-12 йилга қамалиши мумкин. Улар Душанбеда сақланмоқда.