Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”да “Марказий Осиё саноат ҳафталиги – Central Asian Industrial Week – 2015” халқаро лойиҳаси доирасида еттита ихтисослаштирилган кўргазма бўлиб ўтмоқда. 

Ушбу тармоқлараро лойиҳа ҳар йили маълумот алмашиш ва муносабатларни кенгайтириш, Ўзбекистон бозорига янги халқаро иштирокчиларнинг кириб келиши учун қулай майдонга айланган.

Жорий йилда кўргазмалар тоғ-кон иши, металлургия, машинасозлик, қўриқлаш ва хавфсизлик, полимерлар саноати, полиграфия ва қадоқлаш сингари йўналишларни қамраб олди. Кўргазмаларда Ўзбекистон, Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Хитой, Чехия, Жанубий Корея каби дунёнинг 21 мамлакатидан 110 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этмоқда.

Ўнинчи марта ўтказилаётган “Тоғ-кон иши – Mining World Uzbekistan – 2015” халқаро кўргазмасига экспозицияда марказий ўрин ажратилган. Мамлакатимизнинг кон-металлургия саноати салоҳияти ва ютуқларини намойиш этишга хизмат қиладиган ушбу кўргазмада соҳанинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва мутахассислари иштирок этмоқда.
Кўргазма стендларида кончилик ва тоғ-кон қайта ишлаш комплекси учун мўлжалланган кенг турдаги хизмат ҳамда технологиялар тақдим этилган. “Atlas copco compressors and mining technique” Швеция – Ўзбекистон қўшма корхонасининг кон-шахта асбоб-ускуналари, Италиянинг етакчи “Saer Elettropompe Spa” компанияcининг саноат ва маиший насослари, “Scantech” компанияcининг (Австралия) саноат анализаторлари, Хитойнинг “Zhengzhou Kefid Machinery” компанияси майдалаш қурилмалари ва бошқа кўплаб товарлар шулар жумласидан.

Кўргазма доирасида “ЎЗГЕОИНВЕСТ – 2015” Ўзбекистон Республикасининг қаттиқ фойдали қазилма бойликларини ишлаб чиқариш ва қазиб олиш бўйича инвестиция салоҳиятига бағишланган халқаро конференция ҳам ўтказилади. Унинг Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан ташкил этиладиган тақдимотида мамлакатимиз геология тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвестиция лойиҳалари, юртимиздаги конлар ҳақида атрофлича маълумот берилади. 

“Кимё саноати – Chemie Uzbekistan – 2015” ва “Пластмасса саноати – Plastex Uzbekistan – 2015” халқаро кўргазмаларида кимё ва полимерлар тармоғининг сўнгги ютуқлари намойиш этилмоқда.

Кимё саноати иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан биридир. Ушбу тармоқ юксак ишлаб чиқариш, хомашё ва илмий-техник салоҳиятга эга экани уни жадал ривожлантиришда асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, Устюрт газ-кимё мажмуасининг ишга туширилиши билан 2020 йилда полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажми 4,1 баробар ошади.

Саноат объектлари ва халқаро аҳамиятга эга йўлларни қуриш ва такомиллаштириш масаласи “Саноат қурилиши ва махсус техника – UzComac – 2015” халқаро кўргазмасининг асосий мавзуси бўлди.

“Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияcи вакилларининг сўзларига кўра, Ўзбекистон 2020 йилнинг охирига қадар 5815 дона йўл-қурилиш техникаси харид қилишни режалаштирмоқда. Шу нуқтаи назардан, кўргазма махсус техникалар паркини модернизация қилиш учун янги ҳамкорлар топишда ниҳоятда муҳим. Кўргазмада кенг турдаги товар ва асбоб-ускуналар тақдим этилмоқда. “UK Heavy Machinery” компаниясининг (Буюк Британия – Ўзбекистон) йўл-қурилиш техникалари, “Linnhoff Technologies” компанияcининг (Сингапур) асфальт қориш қурилмалари ва бошқалар шулар жумласидан.

“Машинасозлик, металлургия ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш – Machinery Central Asia – 2015” Марказий Осиё халқаро кўргазмаси машинасозлик ва дастгоҳсозлик заводлари, металлургия компанияларининг барча тармоқларда талаб юқори бўлган маҳсулотларини намойиш этиш учун ўзига хос бизнес майдонга айланди.

“Қўриқлаш, хавфсизлик ва ёнғинга қарши ҳимоя – CAIPS – 2015” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси саноат форумининг муҳим тадбирларидан яна бири бўлди. Бу ерда стратегик ва саноат учун аҳамиятли иншоотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларни ёнғиндан ҳимоя қилиш бўйича кенг турдаги асбоб-ускуна ва технологиялар намойиш этилмоқда.

Хорижий иштирокчилар орасида видеокузатув тизимлари ишлаб чиқарадиган Хитойнинг “Hikvision”, Чехиянинг махсус техника етказиб берувчи “Aerotrade” компаниялари ва бошқалар ўз маҳсулотларини намойиш қилмоқда. Кўргазмада мамлакатимизнинг радиоалоқа тизимларини етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан шуғулланадиган “MARS Electronics” ва “TBS Inform” масъулияти чекланган жамиятлари, объектларни қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлиги тизимларини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи “Sistemservis” Ўзбекистон – Венгрия қўшма корхонаси ҳамда бошқа компаниялар ўзига хос маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

“Полиграфия ва қадоқлаш – O’ZBEKinPRINT & O’ZuPACK – 2015” халқаро кўргазмаси ҳам Марказий Осиё саноат ҳафталигининг муҳим воқеаларидан бўлди. Ушбу халқаро кўргазма 17 йилдан буён матбаачилар, қадоқловчилар, технология ва турли материаллар етказиб берувчилар эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Ҳар йили ушбу савдо майдонида янги компаниялар ўз ускуналари имкониятларини намойиш этмоқда. Жорий йилда “Haver & Boecker” компаниясининг қадоқлаш тизим ва қурилмалари, “Line O Matic” компаниясининг флексографик босма машиналари, “Shanghai Bochen Machinery” компанияcининг нашрдан кейинги ишлаб чиқариш ускуналари ва бошқа товарлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

"Мухтасар айтганда, “Марказий Осиё саноат ҳафталиги – Central Asian Industrial Week – 2015” халқаро лойиҳаси чет эл компанияларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилаётир. Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ҳам ўз навбатида жаҳон саноатидаги сўнгги ютуқлар билан танишиб, янги ҳамкорлар ва ўз маҳсулотларини сотадиган бозор топиш имкониятига эга бўлмоқда", дейилади УзА хабарида.