Хитой Лаос билан чегарадаги иқтисодий ҳудуд лойиҳасига 200 млрд юань (31,4 млрд доллар) инвестиция қилишни режалаштирмоқда, деб маълум қилди 19 октябрда Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги.

Юньнань вилояти ривожланиш ва ислоҳотлар ишлари бўйича қўмитаси маълумотларига кўра, Сишуанбаньн-Дай муҳтор округида жойлашадиган Мэнла иқтисодий ҳудуди транспорт алоқаси, таълим, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги 240 дан кўпроқ турли лойиҳаларни бирлаштиради.

Ҳудуднинг майдони 4,5 минг квадрат километрни ташкил қилади. Ҳудудни қуриш августдан Юйси-Мохань темир йўл линиясини барпо қилишдан бошланган. Айни пайтда Мэнла аэропортини қуриш ишларига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Темир йўл линияси ва аэропорт 2020 йилга қадар фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳудуд, шунингдек, Лаоснинг Ботен шаҳрини ҳам қамраб олади. Хитой ва Лаос ўртасидаги иқтисодий ҳудуд икки давлат ўртасидаги иқтисодиёт, савдо ва инвестицияларнинг ривожланишига кўмак бериши керак.