ХХР раиси Си Цзиньпиннинг Бирлашган Қиролликда 20 октябрь куни бошланадиган давлат ташрифи жараёнида умумий қиймати бир неча миллиард фунт стерлингни ташкил этувчи шартномалар имзоланиши режалаштирилган.
Сешанба, 20 октябрь куни бошланадиган Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг Британияга расмий ташрифи чоғида британ ва хитой тадбиркорлари ўртасида умумий миқдори бир неча миллиард фунт стерлингдан иборат 150дан зиёд шартномалар имзоланади.
19 октябрь куни Си Цзиньпин Британияга етиб келди. Бугун, 20 октябрь куни Хитой етакчисининг британ қироллик оиласи ва парламентарийлар билан учрашиши режалаштирилган, чоршанба, 21 октябрда эса ХХР раиси британ бош вазири билан учрашиб, британ-хитой бизнес-саммитида иштирок этади.
Имзоланиши кутилаётган энг йирик қийматли шартномалардан бири сифатида Британияда атом электр станцияси қурилиши ҳамда мавжуд АЭСларнинг эскирган қурилмаларини модернизация қилишга инвестиция киритиш айтилмоқда. Махсус хизматлар бундай ҳамкорликнинг хавфсизлик учун салбий таъсир кўрсатишини айтаётганига қарамасдан, британ ҳукумати бу каби ҳамкорликни ривожлантириш ва бир неча миллиард фунт стерлинглик икки томонлама шартномаларни имзолашга тайёр.
Шунингдек, ОАВ маълумотларига кўра, британ ва хитой энергетик компаниялари – BP ва CNPC ҳам Ироқ ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги нефть конларини ўзлаштириш юзасидан ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида эълон қилишади.
Бизнес-форум вақтида Хитой етакчиси ХХР Британиянинг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири – Лондон-Манчестер тезюрар темир йўл магистрали қурилишига инвестиция киритиш тўғрисида ҳам эълон қилиши мумкин. Аввалроқ британ Молия вазири Жорж Осборн ХХРга ташрифи чоғида Хитой компанияларини туннеллар, кўприклар ва йўллар қурилиши учун инвестиция киритишга чақирган эди.
Хитойнинг йирик телекоммуникация компанияларидан бири Huawei ҳам Манчестер университетида графен устида олиб борилаётган тадқиқотларни молиялаштириш ҳақида эълон қилиши кутилмоқда. Си Цзиньпиннинг ўзи 21 октябрь куни компаниянинг Британиядаги ваколатхонасига, 22 октябрда университетга ташриф буюриши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 19 октябрь куни ХХР раиси Си Цзиньпин турмуш ўртоғи Пэн Лиюань ҳамроҳлигида тўрт кунлик расмий ташриф билан Британияга келди. Си Цзиньпин сафари сўнгги 10 йил ичида Хитой етакчисининг Британияга бўлган илк ташрифи бўлади. Охирги маротаба ХХРнинг собиқ раиси Хун Цзиньтао Бирлашган Қиролликка 2005 йилда ташриф буюрган эди.
Хитой раҳбари ва унинг турмуш ўртоғи шарифига ҳақиқий қироллик қабули ташкил этилади. Хитойлик меҳмонлар 23 октябрга қадар Букингем саройида истиқомат қилишади.