Жанубий кореялик инсайдерлар маълумотларига кўра, Samsung компаниясининг янги Samsung Galaxy S7 смартфонини 2016 йилнинг январь ойида кўриш мумкин бўлади, деб хабар бермоқда GSM Arena нашри.     

Компаниянинг Galaxy S6 ва S6 Edge смартфонлари жорий йилнинг 1 мартида намойиш қилинган эди. Galaxy S7 бу муддатдан аввалроқ чиқади ва компаниянинг рақобатчиларига ўзига хос жавоби бўлади. Янги смартфоннинг дизайни сентябрда якунланган.  

Маълумотларга қараганда, янги смартфон иккита моделда тақдим қилинади: премиал ва суб-премиал. Премиал модель бир кристаллда жойлаштирилган Exynos процессори ва модем билан жиҳозланади, суб-премиал моделда эса улар алоҳида-алоҳида жойлаштирилади. Смартфон интерфейсида 3D Touch каби функциялар қўлланиши, шунингдек, USB Type-C порти пайдо бўлиши мумкин.

Аввалроқ смартфоннинг бир неча модели бўлиб, улардан бири Qualcomm Snapdragon 820 процессорида ишлаши маълум қилинганди.