Ўзбекистон ва Жанубий Корея 2016 йилнинг иккинчи ярмида Саутбой кони базасида умумий қиймати 100 миллион доллардан зиёдроқни ташкил этувчи қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлар мажмуаси қурилишига киришади.

Sputnik агентлигининг хабар қилишича, кон ишланмаси ва комплекс қурилиши ишлари билан Ўзбекистон Давлат геология қўмитаси (49 %) ва Жанубий Кореянинг Shindon Resources (51%) томонидан тузилган Uz-Kor Tungsten қўшма корхонаси шуғулланади.

“Мажмуада тўлиқ экспорт қилинадиган юқори ликвидли вольфрам маҳсулоти ишлаб чиқарилади. 2015 йил охирига қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тугалланади”, - деди Shindon Resources директори Ан Жэ Енг.

2016 йилнинг биринчи ярмида қўшма корхона қазиб олиш зарур лицензияга эга бўлиш ва объект қурилиши учун тижорий банклардан кредит маблағларини жалб қилиш чораларини кўрса, 2016 йил иккинчи ярмидан тоғ-бойитиш комбинати қурилиши бошланади.

Ан Жэ Енг сўзларига кўра, зарур инфратузилмалар қанчага тушиши ҳақида маълумотлар аниқ. Қурилаётган объектларни электр энергияси билан таъминлаш 10 млн долларга тушса, тузсизлантириш ва сув таъминоти тизими учун 15 млн доллар сарфланади. Шунингдек, тахминан 2,5 млн доллар эвазига газ қувурлари ётқизилади.

Саутбой участкасининг саноат захираси 4 млн тонна рудани ташкил этиб, уларнинг 17 минг тоннаси вольфрамдан иборат. Саутбойдан сўнг захираси 4,1млн тонна бўлган Бургут, ундан кейин эса Сагинкондаги ишлар бошланади.