Анчелотти ўзи шуғуллантирган энг яхши футболчилар қаторига Роналдуни қўшмади

Спорт 21 Октябрь 2015 4354

Get French Football нашри «Милан», «Челси», «ПСЖ» ва «Реал» жамоаларида ишлаган италиялик футбол мутахассиси билан суҳбат уюштирди.

Анчелотти "ПСЖ" жамоасида фикр билдира туриб, жамоа Анхель Ди Марияни ўз сафига қўшиб олгач, анча кучайгани ва ЕЧЛда яхшироқ иштирок эта бошлагани ҳақида айтган. Мураббий Матюдининг имкониятларини яхши баҳолган, Жереми Менезни эса ўз иқтидорини тўла рўёбга чиқара олмаганликда айблаган.

Анчелотти "Реал" жамоасидаги фаолиятини эслаганида, Бенземани ўз амплуаси бўйича энг яхшилардан бири сифатида эътироф этган. Шунингдек, у Роналдунинг меҳнаткашлигини, жамоадошлари билан кучли тандем ҳосил қила олишини таъкидлаган.
Мураббий "Милан"га қайтиши мумкинлиги бўйича хабарларга изоҳ бериб, жамоа раҳбарияти у билан алоқага чиққани, лекин ўзи соғлиғидаги муаммо туфайли бу таклифга рад жавоби берганини айтиб ўтган.

У Англиядаги фаолияти ҳақида фикр билдирганида эса, "Англияда яхши овқат ейишни истаган одам, итальян ресторанига бориши керак", дея қўшимча қилиб ўтган.

Журналист Анчелоттидан ўзининг мураббийлик йўлида учратган ва ўзи шуғуллантирган энг кучли футболчиларини санашини сўраган.

"Мальдини, Пирло, Буффон, Бензема, Зидан, Лэмпард, Дрогба, Дель Пьеро... Мен улардан бирини танлай олмаяпман", дейди охирги марта "Реал"да ишлаган ва Криштиану Роналдуни шуғуллантирган мураббий.

Кўпроқ янгиликлар