ЕЧЛнинг гуруҳ босқичига илк марта чиққан Қозоғистоннинг "Астана" жамоаси мусобақанинг 3-турига келиб, сафар ўйинига иккинчи таркибини жўнатди.

"Астана" жамоасининг мураббийлар штаби Қозоғистон премьер-лигасидаги учрашувни ЕЧЛдаги ўйиндан кўра муҳимроқ ҳисоблади", деб ёзади Испаниядаги Аs нашри.

"Астана" бош мураббийи Станимир Стойлов Европа лигаси доирасида "Атлетико"га қарши кечадиган ўйинда асосий таркиб футболчиларини асрашга қарор қилганини айтди. Мураббий "Қайрат"га бўладиган ўйинга асосий таркибни асрамоқда", дейилади маҳаллий нашрда.

Маълум қилинишича, "Атлетико"га қарши ўйин учун Бауржан Жолчиев, Рохер Каньяс, Танат Нусербаев, Марин Аничич, Неманья Максимович ва Дмитрий Шомко олиб кетилмаган.

"Биз ички чемпионатда очко йўқотмаслигимиз керак. Вазиятга ҳаққоний қарайлик: асосий таркиб билан ҳам "Атлетико"дан очко билан қайта олмаймиз. Мадридгача 9 соат йўл босиб келдик. Дам олиш кунларида эса "Қайрат"га қарши майдонга тушишимиз лозим.

Бизнинг асосий вазифамиз ички чемпионатда чемпион бўлиш. ЕЧЛда эса гуруҳда кимлар фаворитлиги маълум", - дейди мураббий.

С гуруҳи вакили "Астана" 2 турдан кейин 1 очко ишлаган. Гуруҳда "Бенфика" 6 очко билан етакчилик қилмоқда. "Атлетико"да эса ҳозирча 3 очко бор. "Астана" ўз очкосини "Галатасарой"га қарши ўйинда ишлаган.

Қозоғистонликлар жамоасининг "Атлетико"га қарши ўйини 22 октябрь кунига ўтар кечаси "Висенте Кальдерон" ўйингоҳида ўтказилади.

"Қайрат"га қарши ўйин эса 25 октябрь кунига белгиланган.