Google компанияси дастурчиси Брэндон ишга жойлашган чоғида Сан-Францискода қиммат турадиган уй ижарага олмасдан, юк машинаси харид қилишга қарор қилди. Business Insider нашрининг хабар қилишича, у машинада яшаб келади.

Брэндоннинг сўзларига қараганда, бу ғояни у компанияда стажировка ўтаган пайтида топган. Ўшанда у бир хонадонни уч киши билан бирга ижарага олиб, унинг учун кунига 65 доллар тўлаган. Шу боис Google билан доимий шартнома имзоланганидан сўнг у 10 минг долларга юк машинаси сотиб олиб, у ерда ётоқхона ва гардероб ташкил қилган.

Дастурчининг таъкидлашича, у гаджетларини кўчма аккумулятор воситасида қувватлантиради. Шунингдек, корпорация ошхонасида овқатланиб, спортзал душида ювинади.