Ижтимоий тармоқларда Тошкентда яқинда ўз фаолиятини бошлаган “Avtotest” инновацион автомактабига тегишли ўқув машинаси пойтахт кўчалардан бирида йўл ўртасидаги босиш тақиқланган иккита тақиқловчи чизиқни босиб ўтаётгани акс этган суратлар чоп этилди. Ва, табиийки, бу сурат фойдаланувчилар орасида катта баҳс-мунозарага сабаб бўлди. 

Шу муносабат билан ўқув маркази раҳбарияти ўзининг фейсбукдаги саҳифасида қоидабузарлик қайд қилинган суратни чоп этиб, ушбу ҳолат бўйича изоҳ бериб ўтди. Хабарда айтилишича, ўқув марказида ушбу ҳолат юзасидан лойиҳа раҳбарияти ва масъул ходимларнинг шошилинч мажлиси ўтказилган ва қоидабузар инструкторга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган маъмурий чоралар кўрилган.

Марказ маъмурияти ушбу ҳолатни суратга олган ҳайдовчиларга сергакликлари учун миннатдорчилик билдирган.

Жумладан, фойдаланувчилар орасида “Мақталган марказнинг инструктори шундай қоидабузарликни амалга оширса, унда ўқувчилари қандай юради?” қабилидаги эътирозлар ҳам бўлди.

Марказ бунга жавобан, марказда таҳсил олган ўқувчилар ҳайдовчилик курсини тугатганларидан кейин уларга автомобилга ёпиштириладиган махсус наклейка берилиши ва бу наклейка машина ҳайдовчиси Avtotest битирувчиси эканлигини англатишини айтган. Марказнинг таъкидлашича, шундай усул билан йўл ҳаракатининг ҳар бир иштирокчиси марказда таҳсил олган ҳайдовчиларнинг ҳайдовчилик маҳоратига шахсан ўзи баҳо бериши мумкин.