АҚШ Давлат котиби Жон Керри 2 ноябрь куни Қозоғистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда Қозоғистон давлат раҳбари матбуот котиби Даурен Абаев маълум қилди.

Жон Керри Қозоғистонга сафари давомида мамлакат президенти ва ташқи ишлар вазири билан учрашади ҳамда стратегик ҳамкорлик комиссияси йиғилишида иштирок этади.

Абаевнинг таъкидлашича, шу куннинг ўзида Нурсултон Назарбоев Буюк Британияга жўнаб кетади.

10 кунлик сафари давомида Назарбоев Британия бош вазири Дэвид Кэмерон билан икки томонлама муносабатлар борасида музокаралар олиб боради. Бунда асосан Қозоғистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши масаласи муҳокама қилинади.

Қозоғистон раҳбари шунингдек, қиролича Елизавета II билан ҳамда Британия ишбилармон доира вакиллари билан учрашади.

Шунингдек, Назарбоев Лондондан Францияга йўл олади ва 5 ноябрда Франсуа Олланд билан ҳамда Франция ишбилармон доира вакиллари билан учрашиши режалаштирилган.
Бундан ташқари ЮНЕСКО бош директори билан учрашиб, ташкилот бош конференциясида чиқиш қилиши кутилмоқда.

Назарбоев 26 октябрь куни Қатар амири таклифига кўра, Доҳага сафар қилади ва 27 октябрда Остонага қайтиб, ўзининг Марказий Осиё бўйича сафарини бошлаган Япония бош вазирини қабул қилади.