Россиялик диний уламолар Россия президенти Владимир Путиннинг Қуръон ва Инжилни ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасида экстремистик деб топилмаслиги керак бўлган диний ақидалар рўйхатини кенгайтиришни таклиф қилишди, деб хабар бермоқда РБК нашри.

Нашрга маълум бўлишича, диний уламолар бундай таклиф билан Россия Давлат думасининг жамоатчилик ташкилотлари ишлари бўйича қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида чиқишди. Бу мажлисда янги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Мусулмонлар вакиллари қонун лойиҳасига Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) суннатларини киритишни, Россия православ черкови вакиллари эса Эски ва Янги ўгит (Ветхий ва Новый Завет), черков қарорлари, диний қоидалар, матнлар ва авлиёларнинг ижодларини киритишни таклиф қилишди.

Ҳозирги босқичда рўйхатнинг кенгайтирилишига Россия Инжил эътиқоди насронийлари иттифоқи раисининг биринчи ўринбосари Константин Бендас қарши чиқди. Унинг фикрича, мантиқан аввал тўртта асосий диний китобни (Қуръон, Инжил, Танах ва Ганжура) қонун билан ҳимоялаш керак, кейин эса вазиятга қараб бу рўйхатни кенгайтириш керак-йўқлиги ҳал қилиниши лозим.