Ўзбекистонлик меҳнаткашлар 2015 йилда 3 млн 350 минг тоннадан зиёд пахта топширишди

Ўзбекистон 21 Октябрь 2015 3084

Ўзбекистонда 2015 йилги пахта мавсумида далалардан 3 млн 350 минг тоннадан зиёд пахта маҳсулоти йиғиштириб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов деҳқонлар ва фермерларга йўллаган табригида айтиб ўтган.

"Энг муҳими, етиштирилган пахта ҳосили ғоят қисқа муддатларда — 35-40 иш кунида йиғиб-териб олингани, унинг 90 фоизи юқори сортларга топширилгани камдан-кам учрайдиган ҳодиса", дея қайд этади давлат раҳбари.

Ўтган йилда деҳқонлар давлатга 3 млн 400 минг тоннадан зиёд пахта маҳсулоти топширишган.

Ўзбекистонда ҳар йили 3,5 млн тонна атрофида пахта хом ашёси йиғиб олиниб, 1-1,2 тонна пахта толаси тайёрланади. Кейинги 10 йил ичида пахта толасига ички бозордаги талабнинг ўсиш кўрсаткичлари 15 фоиздан 40 фоизга ошган.

Ўзбекистон республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон пахтасининг асосий харидорлари Бангладеш (29 фоиз), Хитой (26 фоиз), Жанубий Корея (7 фоиз), Эрон (5 фоиз) бўлиб турибди.

2005 йил бошидан буён Ўзбекистон 7 миллион тоннадан ортиқ пахта толасини экспорт қилиш бўйича битимлар тузган.

Ўтган ҳафтада Тошкентда бўлиб ўтган пахта ярмаркасида 700 минг тонна пахта сотиш бўйича шартномалар имзоланди.

Кўпроқ янгиликлар