Петербургда 5 ойлик тожикистонлик бола Умарали Назаровнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Россия тергов қўмитаси сайтида хабар қилинишича, ўтказилган текширув давомида жиноят кодексининг 109-моддаси 2-бандида кўзда тутилган жиноят излари (шахс томонидан касбий вазифаларини бажариш чоғидаги эҳтиётсизлиги бировнинг ўлимига олиб келиши) аниқланиб, шу асосда иш қўзғатилган.

2015 йил 13 октябрида Санкт-Петербург бўйича федерал миграция хизмати бошқармаси ходимлари тожикистонлик оила Россияда бўлиш қоидаларини бузганликда гумон қилиниб қўлга олинди. Аёлнинг қўлидаги 5 ойлик гўдак ундан ажратилиб, шифокорларга топширилди. 14 октябрь куни бола ўткир респиратор вирус инфекциясидан шифохонада оламдан ўтди.

Боласини бир кун давомида қидириб, полициядан ҳеч қандай маълумот ололмаган аёл эртасига унинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитди.
Бу ишда айбдор деб ҳисобланаётган шахслар тергов қилинмоқда.