2015 йилнинг 12 октябрь куни Қирғизистоннинг Қуйи Норус Чуй вилояти ҳудудидаги тергов изоляторидан қочишга уринган тўққиз нафар жиноятчидан 2 нафари озодликда қолмоқда. 

“Жайш ул-Маҳдий” ташкилоти аъзолари бўлган бу экстремистларнинг 5 нафари ўша куниёқ қўлга олинган, яна икки нафари кейинги ҳафта давомида олиб борилган амалиётлар вақтида йўқ қилинганди.

16 октябрь куни Қирғизистон полицияси тергов изоляторидан қочиб кетган террорчи Дониёр Қодиралиевни йўқ қилганди.

20 октябрь куни эса "ўта хавфли жиноятчи" Азамат Мусуралиев ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан отишма чоғида ўлдирилди.

Айни вақтда қирғизистонлик чегарачилар ҳам ушбу қочоқларни қидирув ишларига жалб қилинган. Уларнинг Қозоғистонга ўтиб кетмоқчи бўлаётгани тахмин қилинмоқда ва бу давлат билан чегара қаттиқ назорат қилинмоқда. Бу ҳақда Риа Новости нашрига Қирғизистон давлат чегаралари хизматининг матбуот котиби Гулмира Бўрибоева маълум қилган.

Қидирув ишлари "Степное" чегара пункти атрофидаги қишлоқларда олиб борилмоқда.
15 октябрь куни Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати мамлакат ҳудудида қидирилаётган жиноятчиларни топишда ёрдам берганларга 300 минг сом миқдорида мукофот пули белгилагани хабар қилинганди.