Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам тилнинг софлигига путур етади. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли ўзбек тилининг ҳудудимизда давлат тили сифатида амал қилишнинг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ўзбек тилининг софлигини асраш, ёш авлодга унинг аҳамиятини етказиш борасида бир қанча маънавий-маърифий тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шундай тадбирлардан бири 19 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Тил бор экан – миллат барҳаёт” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар берди muxlis.uz портали.

Тадбирга журналист, таниқли сухандон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов таклиф этилди. Тадбирда сўзга чиққан билим юрти мудир муовини Абдулвосе Ғаниев йиғилганларни байрам билан табриклаб, мамлакатимизда тилга оид қонунлар ижросини таъминлаш борасидаги юртбошимиз раҳнамолигида изчил чора-тадбирлар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб ўтди.

Таниқли сухандон Шуҳрат Қаюмов она тилимизнинг меъёр қоидалари ҳақида сўзларкан, нутқ жараёнида бу меъёр қоидаларига риоя қилиш, нутқимизга таъсир этадиган турли нотўғри сўзлардан фойдаланиш миллий қадриятларимизга путур етказишини таъкидлаб ўтди.

Давра суҳбати қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этди. Тингловчилар мавзуга доир қизиқтирган саволларига жавоб олишди, фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Тадбир сўнггида совғалар улашилди.