The Washington Post газетаси сайтида "Вице президент Байден 2016 йилги сайлов учун пойгага қўшилади" номли хабар нашр қилинди. Бу хатолик ҳақда The Hollywood Reporter нашри маълум қилган.

"Вице президент Жо Байден 2016 йилдаАҚШ президентлиги учун ўтказиладиган сайловда ўз номзоди билан иштирок этишни режалаштирмоқда. У бу қарор ҳақида бир неча ойлардан бери ўйлаб келаётганди", деб ёзилганди хабарда.

Бу хабар тез орада сайтдан олиб ташланган ва бу "хатолик туфайли нашр қилинган хабар" бўлгани айтилган.

Бироз олдинроқ, Ғарб ОАВида Байден 20 октябрь куни ўз номзодлиги ҳақида эълон қилиши кутилаётгани ҳақида хабарлар берилганди.