Туркия бош вазир Аҳмад Довудўғлу Сурия президенти Башар Асадга Россиядан қайтмасликни маслаҳат қилди.

У Асаднинг Москвадан қайтиб келмаслигини ва ўз халқини тинч қўйишини истамоқда.

"Бизнингча, Сурия ҳукумати қонуний ҳукмини йўқотиб бўлган, бизнинг улар ҳақидаги фикримиз ўзгармайди. У истеъфога чиқиши ва Сурияда ўзгаришлар даври бошланиши керак", дейди Довудўғлу.

Унинг фикрича, Асаднинг Москвага сафари Суриянинг Россияга қарамлиги кучайишини англатади.

"Мен шуни айтишим мумкинки, у Москвада қанча узоқ вақт давомида қолса, Сурия халқи шунча вақт давомида ўзини хотиржам ҳис қилиши мумкин", дейди вазир.

Сурия президенти Башар Асад 20 октябрь куни Москвага ташриф буюриб, россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан музокаралар ўтказди.