Ҳашаротларни ўрганувчи олим Эрик Мецлер eBay онлайн-аукционида у томонидан АҚШнинг Нью-Мексико штатида 8 йил аввал очилган янги капалак турини номлаш ҳуқуқини сотувга қўйди. 21 октябрда лот нархи дастлабки 500 доллардан 12 минг долларгача етди, деб хабар бермоқда The Washington Post нашри.

Мичиган штати университети олими сотувдан олинган пулларни АҚШнинг Ғарбий миллий боғларини илмий, таълимий ва медиавий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи Western National Parks Association (WNPA) ташкилотига бермоқчи. WNPA олимнинг бир нечта тадқиқотларига ҳомийлик қилган ва энди олим уларга шу тариқа ўз миннатдорчилигини билдирмоқчи. “Мен бой одам эмасман ва хайрия ишларига кўп пул бера олмайман. Шунинг учун мен уларга ёрдам бериш учун ўз ақлимдан фойдаланаман”, деб айтмоқда олим.

Лот эгаси янги турга ўзи хоҳлаган исталган номни бера олмайди, у Мецлер билан маслаҳатлашиши керак бўлади. Бундан ташқари, олим топган капалаклар Givira зотига киритилган, харидор фақатгина унга битта сўздан иборат тур номини бера олади.

Шунингдек, янги ном Зоологик номенклатура халқаро кодексига зид келмаслиги керак. Бу кодексда турнинг номи жонзотнинг ўзига хос жиҳатларини намойиш қилиши талаб қилинган. Бироқ, илм аҳли янги жонзот турларига дўстлар ёки машҳур одамлар номларининг берилишига бамайлихотир қарайди.

Бошқа олимлар Мецлернинг бу қарорини ноодатий деб атаб, бу усул орқали бошқа тадқиқотчилар ҳам ўз илмий ишларига маблағлар топишлари мумкин. Бироқ улар тижорат ва реклама дунёсининг зоологик номенклатуралашга кириши хавфидан огоҳлантиришмоқда.
“Бир фараз қилиб қўринг: Bombus pepsii, Apis adidas... Бу даҳшатли бўлмайдими?”, деб мурожаат қилмоқда британиялик биолог Дэйв Гулсон.