21 октябрь куни БМТ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг 1941 йилда Адольф Гитлерни яҳудийларни қириб юборишга Фаластин етакчиси – Қуддус муфтийси Хож Амин ал-Ҳусайний илҳомлантиргани тўғрисидаги фикрига кескин муносабат билдирди.

“Яҳудийларга нисбатан Холокостнинг бошланишида нацистлардан ташқари фаластинликлар, мусулмонлар ёки яна кимнидир илҳомлантирганлиги ҳақидаги ҳар қандай таклиф беъманиликка ўхшайди”, - деди журналистларга БМТ бош котибининг расмий вакили Фархан Хак. Унинг сўзларига кўра, бу каби мулоҳазалар кескинликни юмшатишга хизмат қилмайди.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида жамоатчилик норозиликларга сабаб бўлган ушбу мулоҳазани Нетаньяху 20 октябрь куни Қуддусда 37- Сионистлар конгрессида айтиб ўтган эди. “У (ал-Ҳусайний) Берлинга учиб келди. Бу вақтда Гитлер яҳудийларни йўқ қилишни истамасди, у яҳудийларни қувиб юбормоқчи эди, - деган фикрни билди Нетаньяху. – Ал-Ҳусайний Гитлер олдига келиб, деди: “Агар сен уларни қувиб юборсанг, яҳудийлар бу ерга (Фаластинга) келишади”. “Бўлмаса уларни нима қилишим керак?” – сўради Гитлер. У (ал-Ҳусайний) деди: “Уларни ёқиб юбор”.

Исроил бош вазирининг гапи ватандошлари томонидан ҳам кескин танқид қилинди. Жумладан, “Сионист лагери” муҳолифат партияси етакчиси Ицхак Герцог бош вазирдан зудлик билан ўз сўзларини қайтиб олишни талаб қилди. "Ликуд" партиясидан Нетаньяхуга сафдош бўлган Исроил Мудофаа вазири Моше Яалон ҳам бундай тарихий усулни инкор қилди. “Яҳудийлар масаласида якуний қарорни ал-Ҳусайний ўйлаб топмаган”, - деди у.