Кўп овқат еган ва гольф ўйнаган хитойлик амалдорлар жазога тортилади

Жаҳон 22 Октябрь 2015 2200

Хитой коммунистик партияси давлат хизматчиларининг хулқ-атвори тўғрисидаги қоидаларни кучайтирди. Эндиликда коррупцияга қарши курашни кучайтириш мақсадида амалдорларга кўп таом истеъмол қилиш ва гольф ўйнаш тақиқланди, дея хабар берди Reuters.

Янги чеклов давлат хизматчилари учун хулқ-атвори кодексидан ўрин олиб улгурди. Эндиликда мазкур қоида партиянинг барча 88 миллион аъзосига тарқатилади. “Партия аъзолари жамият манфаатларини ўз шахсий қизиқишларидан ажратиши, жамоатчилик манфаатларини биринчи ўринга қўйиши ва жонбозлик билан меҳнат қилиши лозим”, - дейилади хулқ-атвори кодексида.

Таомдан ўзини тия олмаслик ва ичкиликбозлик устав қоидаларининг бузилиши деб ҳисобланади. Гольф ўйини тақиқи эса кўпчилик томонидан амалдор шахслар айнан мазкур ўйин вақтида ноқонуний келишувларни амалга оширади, деган фикрдалиги боис киритилди.
Қайд этиш жоизки, Хитой ҳукумати 2004 йилдаёқ янги гольф майдонлари қурилишини тақиқлаган эди.

2012 йилда ҳокимият тепасига келган Хитой етакчиси Си Цзиньпин дарҳол коррупцияга қарши курашни жадаллаштирган эди. Ўнлаб йирик мансабдорлар порахўрлик айби билан ҳибсга олинди.

Кўпроқ янгиликлар