Олма-отадаги қурилиш ташкилоти пудратчиларидан бири тураржой қурилишида хориждан келган ноқонуний муҳожирлар меҳнатидан фойдаланаётгани аниқланди. Бу қурилиш майдонида Ўзбекистон фуқаролари ноқонуний равишда ишлаш билан биргаликда яшаб келишган. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар департаменти матбуот хизмати хабар қилган.

Маълум қилинишича, полициячилар қурилиш майдони ҳудудида ноқонуний равишда яшаётган 21 нафар ўзбекистонликни қўлга олишган. Уларни Алмалинск туманидан бўлган 42 ёшли қозоғистонлик пудратчи ёллагани аниқланган.

"Хорижлик ишчилар яшаётган хоналар яшаш учун мўлжалланмаган. Улар битмаган бир неча хонани ўзлари учун ётоқхонага айлантириб олишган. Ишчилар ерга тўшамалар тўшашган ва кушеткалар ясашган. Уларнинг овқатланиш жойи ҳам шу хоналар. Ишчилар овқат тайёрлашда хавфсизлик меъёрларига амал қилмаган ҳолда газ баллонларидан фойдаланишган. Бу ҳудуд аҳоли яшайдиган кварталларга ёндош жойлашганини ҳисобга олсак, улар қозоғистонликлар ҳаётига таҳдид солиб туришган", дейди Олма-ота ИИД полковниги Танат Назанов.

Бу ҳолат бўйича дастлабки тергов жараёни бошланган. Бу масала билан шуғулланиш Бостандикск тумани Жиноий ишлар департаменти ходимлари зиммасига юклатилган.
"Ушбу ноқонуний миграция иши бўйича қўлга олинган ўзбекистонликлар баланд қаватли тураржой бинолари қурилиши учун ёлланишган. Уларнинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ҳам, вақтинчалик прописка ҳужжатлари ҳам йўқ эди", дейди полковник.

Поковник Назанов ушбу ноқонуний муҳожирлар Ўзбекистонга депортация қилинишини қўшимча қилган.