Ўзбекистон яқин 5-7 йил ичида ураннинг минерал-хомашё базасини бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига анчагина оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат геология қўмитасидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда Sputnik нашри хабар бермоқда.

Манбанинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистон уран заҳиралари бўйича биринчи ўнталикка киради, 2014 йилда уни қазиб олиш бўйича 12-ўринни эгаллаган.

“Республикада уран қазиб олиш ер ости ишқор билан ювиш каби самарали ва экологик тоза усул билан амалга оширилмоқда. Уран билан бирга рений, скандий, селен, ноёб элементлар олинади”, деб таъкидламоқда манба.

Ҳозирда уран қидириш ишлари Жасағин, Муллалин, Шимолий-Тўхтин, Жонгелди, Ғарбий-Зиёвуддин майдонларида, Зирабулоқ-Зиёвуддин тоғлари ва Шарқий Бахала ҳудудларида олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон учун ноанъанавий уран маъданлашувининг қора сланецли ва гидротермал турлари геологоразведкаси бошланган.