Тошкентдаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши томонидан тижорат банклари билан ҳамкорликда “Бизнес автобус” лойиҳаси ўтказилди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур лойиҳадан мақсад йигит-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатимиз иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларининг барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшишдан иборат.

Ёшларда тадбиркорликка оид билим ва кўникмаларни шакллантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, имтиёзли микрокредитлар олишида кўмаклашиш, уй меҳнати ва касаначиликни, кичик ишлаб чиқаришни ривожлантиришда бу каби лойиҳаларнинг аҳамияти катта.

Лойиҳага тадбиркорликка қизиқиши бўлган жами 850 йигит-қиз жалб қилинди. Тадбир давомида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказиб келинаётган “Менинг бизнес ғоям” ва “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳаларининг тарғиботи юзасидан фикр алмашилди. Тижорат банкларининг кредит сиёсатига оид семинар ташкил этилди. Унда мутахассислар ёшларга тадбиркорлик фаолиятига оид қонунлар, бизнес-режа тузиш ва уни амалга оширишда банк кредитларидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан тушунча ва тавсиялар берди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.