Эстрада санъатига қизиқиши юқори бўлган иқтидор эгаларини саралаш, улар маҳоратини ривожлантириб, қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда яна бир лойиҳа ишга туширилмоқда.

Лойиҳа ташкилотчиси, таниқли хонанда Озода Нурсаидова-Саидзоданинг kun.uz сайти таҳририятига маълум қилишича, октябрь ойида Тошкент, Фарғона, Самарқанд ҳамда Хоразм вилоятларида шоу кастинглари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Саралаб олинган 12 нафар иқтидор эгаси Тошкент шаҳридаги концерт залида ҳар ҳафта бўлиб ўтадиган беллашувларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Ҳар бир шоу дастуридан сўнг бир нафар иштирокчи уни тарк этади.

Уч ойга қадар давом этадиган лойиҳа сўнгида 3 нафар ғолиб аниқланиб, уларга профессионал студияда муаллифлик қўшиқларидан ташкил топган мусиқий альбом ёзиб бериш имкони тақдим этилади. Шунингдек, 1-ўрин соҳибига ўз клипларини сунъий йўлдош телеканаллари орқали намойиш этишга кўмаклашиш ваъда қилинган.

“Uzstar” шоуси билан боғлиқ барча жараёнлар яқин бир неча кун ичида ишга туширилиши мўлжалланган uzstar.tv сайти орқали намойиш этиб борилади.