Россия президент Владимир Путиннинг айтишича, АҚШ Россия ва бутун дунёни Эрондаги ядро муаммоси ҳақидаги муболағали гаплари билан алдади.

"Бир неча кун олдан АҚШ Европада аксилракета тизимини синовдан ўтказди. Бу нимани англатади? Бу шуни англатадики, биз америкаликлар билан баҳслашганимизда ҳақ эдик.

Россия аввалдан билардики, АҚШнинг аксилракета тизимини ривожлантиришдан мақсади бутун дунёга ўз қудратини намойиш этиш. Ҳа, Россия ва дунёдаги бошқа мамлакатлар АҚШнинг найрангига учишди. Улар ҳамманинг эътиборини Эрондаги ядро муаммосига қаратиб, чалғитди ва ўзлари қуролларини ривожлантиришда давом этишди", дейди Путин.

У шунингдек, Эрондаги ядро муаммоси бутунлай ҳал қилингани ҳақида айтиб ўтган.

"Эрон ядровий дастури билан боғлиқ муаммо ҳал этиб бўлинган. Эрондан келиши мумкин бўлган ҳеч қандай хавф мавжуд эмас. АҚШ ҳам аксилракета тизимини ривожлантиришни тўхтатиши керак", дейди у.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ қуролли кучлари биринчи марта Европада аксилракета тизими дастури бўйича синовлар ўтказгани хабар қилинганди.