Қашқадарё вилоятида уч йил давомида ҳеч қандай рухсатнома ҳужжатларисиз фаолият юритиб келган Менежмент институтининг талабаларидан бири ушбу таълим муассасаси берган диплом билан қаерга мурожаат қилишини билмай, “Даракчи” газетасига мактуб йўллади.

“2010-2013 йиддаожа Қашқадарё вилоятидаги Менежмент институтида таҳсил олган эдим. Кейинроқ билсам, бу олий ўқув юрти давлат лицензияси – рухсатномаси бўлмаган институт экан. Барча харажатларим бекорга кетди. Бу масалада энди қаерга мурожаат қилишим керак?”, - деб савол берди бухоролик Саодат Ҳотамова.

Бу масалага Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Б. Назаров ойдинлик киритди.

“Қашқадарё вилояти иқтисодиёт ва менежмент институти республикамиз ҳудудида таълим фаолияти билан шуғулланиш учун ваколатли органдан тегишли рухсат олмаган ва аккредитацияланмаган. Маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, диплом, сертификат, гувоҳнома) бериш ваколатига эга эмас. Шу сабабли ушбу институт томонидан берилган дипломлар ҳуқуқий асосга эга эмас”, - маълум қилди у.