Орадан 10 йил ўтганидан сўнг Покистон энг кўп ядро қуролига эга бўлган бешинчи давлатга айланади, дея хабар қилди Time журнали Америкадаги мустақил тадқиқот ташкилоти маълумотларига асосланган ҳолда.

Атом бўйича шуғулланувчи чикаголик олимлар башоратига биноан, мамлакатда айни пайтда 110дан 130 донагача ядровий бомба мавжуд бўлиб, 2025 йилга бориб улар сони икки баробарга ортади.
Мазкур ҳисоботнинг эълон қилиниши Покистон бош вазири Наваз Шарифнинг АҚШга ташрифи вақтига тўғри келди. Хабарларга кўра, Шариф учрашув чоғида АҚШ президенти Барак Обама билан Покистон томонидан кичик ҳажмли (1 тоннагача) ядро қувватларидан фойдаланишни чеклаш масаласини муҳокама қилади.

Покистоннинг эълон қилишича, бундай турдаги қуроллар қўшни мамлакатлар, айниқса Ҳиндистон ўртасида келиб чиқадиган ҳар қандай можаролар учун зарур.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Покистон ва Ҳиндистондан ташқари, АҚШ, Россия, Британия, Франция ва Хитойда ҳам ядро қуроли мавжуд. Шимолий Корея ва Исроил ҳам ушбу қуролга эга бўлиш учун ҳаракат олиб бормоқда.

Жумладан, КХДР 2005 йилдаёқ атом бомбаси яратилганини эълон қилиб, 2006 йилнинг 9 октябри (қуввати 1 килотонна) ва 2009 йилнинг 25 майи (12 килотонна) ва 2013 йил 12 февраль куни (6-7 килотонна) атом бомбаларини синовдан ўтказган. Жанубий Корея томонининг маълум қилишича, айни пайтда КХДР тўртинчи бор ядро қуроли синовини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.
КХДР ҳаракатларига жавоб тариқасида БМТ Хавфсизлик кенгаши мамлакатларни ядро соҳасида тадқиқотларни тўхтатишга чақирувчи бир қатор резолюцияларни қабул қилган.