Тошкент вилоят Назорат-тафтиш бошқармасининг Давлат бюджетининг ғазна ижросини назорат қилиш бўлими ходими Дамир Бобоев мансабини суиистеъмол қилиб, порахўрлик қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Айтилишича, у бошлиғининг буйруғига асосан Қибрай туманидаги Чингелди қишлоқ врачлик пунктининг 2007-2015 йиллардаги харажатлар сметаси тузилишини ҳамда унинг ижросини, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ҳужжатли тафтиш ўтказиш учун борган. У муассаса мудирасини “жиддий” текширса, хато кўп чиқишини, бу эса камида 40 млн сўм жарима эканлигини айтиб, қўрқитган ва ундан пул тама қилган.

Унинг ҳаракатлари ноқонунийлигини билган мудира тегишли органларга хабар берган. Натижада Бобоев жиноят устида қўлга олинган.
Суд қарори билан Дамир Бобоев 5 йилга қамоққа олинди.