Япония бош вазири Синдзо Абэ Мўғулистон ва Марказий Осиё давлатлари: Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга (сафар шу тартибда амалга оширилади) сафарга жўнаб кетди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Сафар 27 октябргача давом этади, Синдзо Абэ 5 кун ичида 6 та давлатга ташриф буюради. Бу давлатлардан учтасига Япония тарихида мамлакат бош вазири биринчи марта ташриф буюради.

“Сафарни бўрттиришсиз тарихий деб айтиш мумкин. Бош вазир Мўғулистондан кейин Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга ташриф буюради. Абэгача бош вазир Дзюнъитиро Коидзуми Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрган, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонга ташриф Япония бош вазирининг биринчи ташрифи бўлади”, деб маълум қилинди Япония Ташқи ишлар вазирлигида.      

Синдзо Абэга ташриф пайтида япон компанияларининг 50 вакили ҳамроҳлик қилади. Япония ўзининг Марказий Осиёдаги иштирокини оширмоқчи ва шу тариқа Хитойнинг минтақа давлатларига кенг кўламли кириб боришини ушлаб туришга умид қилмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларининг географик жойлашувини ҳисобга олса, “бу давлатларнинг барқарорлиги ва фаровонлиги минтақадаги хавфсизликни таъминлайди”, деб таъкидланмоқда Япония Ташқи ишлар вазирлигида.

Абэ ҳар бир давлатга ташрифи пайтида давлат раҳбарлари билан учрашиши, бизнес-анжуманларда иштирок этиши, биргаликдаги ҳужжатларни имзолаши режалаштирилган. Япония бош вазири ташриф якунлари бўйича 27 октябрда Қозоғистон пойтахти Остонада Назарбоев университетида нутқ сўзлайди.