21 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот котиби Ж. Нуриддинов Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида “Ислом маданияти: ҳозирги замон таҳдидлари ва уларга қарши кураш йўллари ва услублари” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференциясида иштирок этди.

Анжуман Керей ва Жонибек хонлари Қозоқ хонлигига асос солганларининг 550 йиллиги, Қозоғистон Конституциясининг ва Қозоғистон халқларининг Ассамблеяси тузилганининг 20 йиллигини нишонлаш юзасидан ташкил этилди.

Конференциянинг ялпи мажлиси Атирау область ҳокимияти мажлислар залида 21 октябрь куни бўлиб ўтди.

Унда Миср, Ливан, Туркия, Россия, Ўзбекистон ва, Қирғизистондан таниқли олимлар ва тажрибали экспертлар қатнашишди. Мазкур мамлакатлардан дин соҳасидаги давлат идоралари, илмий тадқиқот муассасалари раҳбарлари, кўзга кўринганлар, диншунослик ва социология соҳалари мутахассислари иштирок этдилар. 

Ялпи мажлисда Ж. Нуриддинов “Ёшлар тарбияси – тинчлик ва барқарорлик омили” мавзусидаги сўзи билан чиқди. Унинг нутқи катта қизиқиш билан қабул қилинди. Нотиқ сўзининг якунида Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан олиб келган “Смута ИГИЛ” номли китобдан ва “Интернетга ин қурган “ўргимчаклар” китобидан анжуман президиумига тақдим этди. Президиумда Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вице-министри Азильханов М. А. ва Қозоғистон мусулмонлари идораси муфтий ноиби Утпенов Науризбай Таганули китобларни қабул қилиб олдилар.

Тушликдан сўнг конференция ўз ишини секцияларда давом эттирди. Ўзбекистон вакили “Ўрта Осиёда ислом тарихидаги шахслар ва хусусиятлар” деб номланган 2-секцияси ишида иштирок этди. Унда ЎМИ Матбуот котиби Ж. Нуриддинов “Тинчлик ва осойишталик – буюк неъмат” мавзусида нутқ сўзлади.

Конференция иши яхши якунланди, ўз олдига қўйилган мақсадларга эришди.

Манба: muxlis.uz