Самарқанд шаҳридаги қиш мавсумига тайёргарлик масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда. Илгарироқ шаҳарнинг кўпчилик маҳаллаларида газ ўчирилгани маҳаллий журналист Тошпўлат Раҳматуллаевга таянилган ҳолда баён этилган эди.

STV телеканали вазиятни ойдинлаштириш учун тегишли давлат органларига мурожаат қилди. Айтилишича, Самарқанднинг 50 фоизини иситиш “Иссиқлик манбаи” АЖ томонидан амалга оширилади. Жорий мавсумда 260 уйга иссиқлик узатиш кўзда тутилган. Ўтган йил бу кўрсаткич 220 уйга тенг эди.

Шунингдек, Гагарин кўчаси бўйлаб жойлашган уйлар иситилмаслиги таъкидланди. АЖ вакилининг баён қилишича, марказий қувурлар жуда ёмон аҳволда бўлиб, улар 2016-2020 йилларда қайта тикланиб, иссиқлик узатиш яна йўлга қўйилади.
Регистон атрофидаги, ҳарбий шаҳарча, Мирзо Улуғбек ва Спитамен кўчаларидаги уйлар ҳам иссиқлик билан таъминланмайди.

Шу билан бирга, АЖ раҳбари Абдураззоқ Ҳаққулов 4 йил ичида биринчи марта Сўғдиёна туманида иссиқлик таъминоти яна йўлга қўйилишини айтиб ўтди.